February 17th, 2006

logo

Эркин Аъзам. "ЁЗУВЧИ" хикояси.

Шукур Холмирзаев хам богини яхши кўрарди..

Ушбу камтарона машкимни хикоячилигимизнинг пири  -

рахматли Шукур ака хотирасига багишладим. Рози бўлсин.

 

Муаллиф

 

 
У ўртамиёнагина ёзувчи эди. Бу энди хар балони ўкийвериб осмонга сапчийдиган бўлиб колган бизга ўхшаш “доно”ларнинг фикри. Албатта, у Марк Твен, Даниель Дефо, Жанни Родари ёки Пришвин сингари буюк салафларини бирмунча ўкиган, бугун болалар дунёсини забт этган Гарри Поттерни хам элас-элас эшитган, бизнинг давра байрок килган Жойс, Прусс ёки Дос Пассос деган машхури жахонлардан эса, мутлако хабарсиз бир “лодон” эди. Боз устига – унча-мунча ёзгани мактаб дарсликларига киритлганига карамай, умр бўйи бирор мансаб-мартабани кўрмагани учунми, ё ўзи хам ўлгудек тортинчок, хокисорлиги сабабми, “катта” адабиёт вакиллари орасида киройи салмоги йўк, бизга ўхшаганлар-ку одам хисобига кўшмайдиган камписанд каламкаш эди.

            Аммо, ўринсиз андишани четга кўйиб гапирганда, у майдонда от суриб юрган донгдор отаону акахонларнинг кўпчилигига нисбатан асл адабиётга якинрок, хатто унинг содик фукароси эди. Дарвоке, фукаросигина эмас, жафокаш мардикори хам эдики, бу хусусда мавриди келганда сўзланар. У ёлгон ёзишни билмасди, чунки уйдирма тўкиш кўлидан келмасди. Сираси – у ёзадиган нарсаларга гирромлик аралаштириб бўлмас, бунга зарурат хам йўк эди.

У расмона адиблар сингари болалик чоглариданок ёзувчи бўлишни дилига тугмаган, илк ижодини шеър билан бошлаб, деворий газеталарни обод килмаган эди. Унинг устоз шоирларникига ўхшаган ибратли бир таржимаи холи хам йўк, болалик кунларида эртак сўйлаб бергувчи бувиси хам бўлмаган – туккан онаси кимлигини билмайдиган шум етимда буви нима килсин! У нихояти бир ўзи ихлос кўйган муаллимидек бўлишни тиларди, холос. Карангки, келиб-келиб шу муаллим унинг хаётини ўзгартириб юборди. Табиат мавзусидаги иншосини ўкиб у “Келажакда сендан ёзувчи чикади!” деди. Ундай-бундай киши эмас, айнан ёзувчи! Бу гап такдир хукмидек янгради. Йўкса, узок бир тог кишлогида телбанамо бир кампирнинг кўлида мушт еб ўсган бу бехисоб етимча бир кун келиб шундай одам бўлишини хаёлига келтира олармиди?

            Кўп йиллардан кейин, хамма нарса пулга чакиладиган замон келганда маълум бўлди: у ёзувчилик килмаганда бинойидек богбон бўлар экан. Богбонлик яхши-да, бори накд: етиштирган мева-чевангизни бозорга олиб чикишга иймансангиз, ўзи сўраб келиб, арзон-гаров бўлса-да, кўтарасига ортиб кетадиган бирор чаккон жуфтгарчи хар доим топилади! Нимагадир, андармон бўлиб четга ўгирилиб турасиз, берадиганини бериб кетади. Ижодий ишни йигиштириб бутунлай богбонликка ўтишга эса ори йўл бермасди: шунча йил нонини еб, яхшими-ёмонми, шу туфайли ном таратиб, энди замон сал юз бурганда мукаддас ахдга хиёнат килишга номардлик килиш эмасми?!

            Вокеан унинг богбонлиги ўша адабиётга мухаббатининг чамбарчас бир бўлаги эди;  бу бокка, богбонликка хам адабиёт оркали кириб келган. У асосан табиат мавзуида ёзарди. Табиатни одамлар дунёсидан кам билмас,  унга чинакам мўъжиза деб карар эди. Ўзингиз ўйланг-да, бир карич чўпни ерга суксангиз, бир куни новда-нихолга айланади, ўсади, куртаак тугади, буток чикаради, танаси йўгонлаша-йўгонлаша, ширн-шакар мева беради! Шундай неъматлар билан тирик-да одамзод! Бунисиям майли, тасанно, бахор келди дегунча барк уриб гуллаши-чи! Кузда хазонга дўниб, юракни хазин-хазиин хисларга чулгаши-чи! Киш фаслида оппок кор маликасига айланишини айтмайсизми! Мўъжиза бўлмай нима бу?!

            Биратўла богбонликка ўтиб кетмаганлигининг яна бир сабаби – бу атроф-жавонибда, айникса, чала курилган мана шу кўргонда уни хамма “домла” деб атарди. Нега “домла”? Домла бўлган, хомтоку пайванддан бошка яна бирор хунар хам керак-ку! Ия, шундай хунар бор-ку ўзи!

            (Келинг, биз хам уни “домла” деб атайколайлик. Яхшидир-ёмондир, бир адибни “домла” деб атасак, ростакам домлалар мартабасидан тушиб колмас! У ёгини айтсангиз, Ёзувчи кавми хам аслида муаллим: адабиётни сев, дейдияхши бўл, ёмонликдан тийил, дейди! Мабодо уни бошка ном билан атагудек бўлсангиз, бу мангу тор, майдагап даврада дарров “Кимни ёзибди? Ким экан? Нима дебди?” кабилидаги хам хил шубха-гумонларга ботиб юрасиз – кимга зарил?! Домла, домла, вассалом! Домладан кўпи борми? Салла ўрагани хам, салласиз ваъз айтгани хам – домла-да!)

            Асли бу номни унга даставвал ёзувчи раис кўйган эди.

            Унда кахрамонимиз хали ёшлар нашриётида мухаррир бўлиб юрарди. Бир куни директор уни хузурига чорлаб, истараси иссик, ўзи жуда бахайбат бир одам билан таништирди. Пойтахтга туташ богдорчилик туманларидан бирида колхоз раиси экан. Каранг, машъал раис бўлатуриб, шу одам хам дарди бедавога йўликибди – ёзар экан! Ёзмаса туролмас экан! Ай, бог-рогингга кара, хосилдорликни ўйла, йиллик режаларни шараф билан адо этиб орден-медаль олсанг, кахрамон бўлсанг-чи, анойи банда! Булардан ортсанг, мехнаткашларинг холидан хабар ол, бева-бечорага кайишгин, инсон! Йўк-да, кўли кичийди. Ёзмасдан туролмайди!

            Директор таништирувдан максадини яшириб ўтирмади:

-         Раис бувамизнинг кўлёзмалари нашриётимиз режасида турибди.

Мухаррир пешонасини тириштира-тириштира йиллик режалар рўйхатида бунака кўлёзма борлиги эслаёлмади.

Рўйхатда бўлмаса, директор айтганидан кеийн бўлади-да, нодон!

Раиснинг кўлёзмаси караб бўлмайдиган бир ахволда эди. Боз устига, “соков” мошинкада кўчирилган бу дардисарни пойтахтга катнаб ўкиган ўша ерлик бир адабиёт муаллими ўзича тузатмокчи бўлиб баттар расво килган экан – худди аълочи ўкувчининг “тўппа-тўгри” ёзилган иншосига ўхшайди: “борган эди”, “келган эди”, “айтган эди”. Аълочиси кургур хам анови донгдор отахону акахонларнинг китобларини ўкиб кокбош бўлган-да!

            Хўш, буёгини нима килиш керак? Нашриёт режасига кирган кўлёзма отлиг жонивор китоб бўлиб чикиши шарт! Айникса – директор буюрганидан кейин! Бўлим мудири хам бир гапни такрорлагани-такрорлаган: “Одам килинг! Одам киласиз, тамом!”.

            Муаллифнинг нимасидир мухаррирга ёккан эи. Директор вазифа юклаётганда шундай бахайбат одам, яна денг – раис, машъал раис унга аллакандай иликлик билан тикилиб турди.

            Худойлигини айтганда, хаваскор мухаррир – адабиёт муаллимининг тахрирлари орасидан нимадир йилт-йилт кўриниб коларди. Нашриёт мухаррири директор хузурига кириб, кўлёзманинг асл “раиси” нусхасини сўраттирди. Ўша кунлар раис йигим-терим билан банд, дахмазани унинг Олашовур деган шўх-шалайим шофёри келтириб берди (Раис бувамиз ёзишдан кўра, кишига лакаб такишга уста экан: Оллошукурни у хазил аралаш шундай атарди. Кейиинчалик кахрамонимиз бу чндан хам олашовуррок йигит билан роса сирдоош улфат бўлиб кетди).

            Мухаррир директордан икки хафта рухсат олиб (икки ой деса хам йўк демасди ўшанда), уйига камалиб ўтирди-да, кўлёзмани бошкатдан ёзиб чикди. Кўлёзма унча-мунчасидан колишмайдиган, “тўйга боргудек” бир асарга айланди.

            Китоб чикканидан сўнг уч-тўрт кун ўтиб муалли тўппа-тўгри мухаррир ўтирадиган хонага кириб келди. Мухаррирнинг саломлашгани чўзган кўлини дўстонасига би четга силтаб, кучоклаша кетди.

-         Рахмат, дома!

Раис курук рахмат билан чекланадиган нокас эмас экан. Шанба куни Олашовурни юбориб, уни колхозига таклиф килди. “Боги Эрами”нинг ўртасидаги бахаво шийпонда “чортанг” зиёфат берди. Тўн ёпди. Эртасига хам курук кайтармади.

Зиёфат кизиган чоги умрида бундай иззат-икромни кўрмаган мухаррир шўрлик келгуси ижодий хамкорликларга сўз бериб юборди.

Хадемай матбуотда “хўжалик ташвишларидан ортиб шундок ажойб асар ёзган раис бува”ни шарафловчи кўша-кўша такризлар пайдо бўлди. Шунча китоб чикариб ёзувчининг ўзи бу кадар таъриф-тавси эшитмаган эди. Лекин муаллифдан ортик кувонган бўлса кувонгандирки, асло гайирлиги келгани йўк – ахир, ўзининг мехнати!   

Ўша пахтабанд такризларнинг аксарият муаллифларнинг аксарият муаллифларини у кейинчалик хосил байрамларига багишланган тантаналарда, айникса, “Боги Эрам” даги гавжум тўкин-сочин зиёфатларда кўп бора учратди. Улар ёзган такризларидаги гапларни бу ерда алёрга айлантириб, дастурхонда турган шампан виноси мисол кўпиртириб такрорлашди. Раис – муаллиф мехмоннавозлик ташвишларига банд бўлиб, бу хамду-саноларни негадир бирмунча локайд, париншонхол эшитарди.

Бир йил ўтар-ўтмас, каттакон омбор дафтарига пала-партиш битилган янги кўлёзма келди нашриётга. Хайрият, бу сафар унг адабиёт муаллимининг кўли тегмабди – ўтган галги хизматлари эвазига у мактаб директорлигига кўтарилиб кетган бўлса ажаб эмас. Лекин энди кўлёзмани “одам килиш”га икки хафта уёкда турсин, хатто икки ой хам камлик киларди.

            Бехисоб хўжалик ташвишлари бошидан ошиб-тошиб ётган, ўзи бахайбат, огиркарвон бир одам азза-базза кўлига калам олишга фурсату хафсалани каёкдан топар экан? Мухаррирнинг бу таажжубига жавобан муаллифнинг махрами Олашовур секингина “секрет”ни очди. Раис бува хар эрта тонглай идорасига келиб, бир кўлида дастрўмол, пешонаю бакбакаларини арта-арта, икки бетдан когоз кораламаса, кўнгли жойга иушмас экан. Кизгин “эъжод” дамларида Олашовур унга пайдар-пай чой дамлаб бериб турар эмиш: илхомингизга барака! Ўз навбатида биз хам бу жасоратга тахсин айтмасак уят бўлар: кунту хафсалангизга офарин, раис бува!

Аслида, эрмакка когоз коралаш унчалк мушкул иш эмас: жиндек вакту иштиёк бўлса – кифоя. Ростакамига китоб ёзиш, ёзганда хам яхши ёзиш эса – кийин, ўх, жуда кийин! Чала-чулпа когозга тушган гаплари китобга айланиб, бебилиска, хамду сано эшитиб турган мартабали муаллиф буни кайдан билсин?!   

Лекин раиснинг билганлари хам кам эмас экан. У директор ошнаси билан келишиб, “домласи”га икки ойлик таътил олиб берди-да, уни биратўла “Боги Эрам”га кўчириб кетди. Ёп-ёруг, шинамгина хона. Худди ашхур шеърдагидек деразаси олдида бир тўп ўрик ўсган. Тўгри, хозир оппок гулларини тўкиб, ёз фасилига монанд сипорок кепатага кирган. Теварак-атроф жимжим. Сукунатни мошинканинг тўхтаб-тўхтаб чикиллашигина бузад, холос. Неча махал деманг – обу овкат тайёр. Коровул чол хизматда. Пазанда-ошпаз хам ўзи. Ёши мухарриримиздан хийла улугрог-у, лекин хизматга колганда чаккон. “Эшон, хой!” десангиз – бас. Баъзида, индамасангиз, кўпол, кок-курук бармоклари билан ёзув мошинкасини хам артиб, ялтиратиб кўяди. Камгап, сезгир. Ўрнини билади.

Унинг гапидан хамма гапни Олашовур гапиради. У кўпинча тун-алламахалда пайдо бўлад. Бир олам хабару хангома билан. Шийпонда ўтириб киттак-киттак киладилар. Олашовур гохида ўзидан новчарок, арзимаган гапга хам хахолаб кулиб юборадиган эркакшода бир аёлни бошлаб келади. “Хой, Эшон!” деб кўяди кўрсаткич бармогини лабига кўндаланг килиб. Мухарриримиз берган номдан мамнун ошпаз-коровул “тушундим, тушундим” дегандек сирдошларча бош кимтиб, ошхона томон зипиллайди. Уч кишилик жаранг-журунг базмдан сўнг Олашовур какилдогини кўлтиклаб чеккарокдаги хонага кириб кетади. Кетаётиб, “Дугонси бор! Калай, домла?” деб кўйшни хам унутмайди. Холи бу масканда зерикиб, кўнглида бир нималар гимирласа-да, сипо мухарриримиз сир бой бермай кўлини кўксига кўйиб илжаяди: “Рахмат, рахмат. Ўзлари кўраверсинлар”. У ёкдан бир дамгина хахолаш эшитилб туради-ю, кейин тун сирларига сингиб жим колади.

Хафтада бир-икки бор окшомлари бу ер гавжумлашиб кетади. Пойтахтдан ташриф буюрган нозик мехмонлар. Кечаси бир махалга кадар чарогон шифпон файзга тўлиб, у ёкдан кулги-кахкаха эшитилиб турад. Сўнг хаммаёк сув куйгандек тинчиб колад. Мехмонлар жўнаган – шахар якин.

Бундай кезларда серташвиш мезбон – муаллиф баъзан мухрриридан хабар олгани киради. “Калай, бўляптими?” “Бўляпти, раис бува”. “Кетяптими?” “Кетяпти, раис бува”. “Яшанг, домла!”.

Давоми бор...         

logo

Asrlar bag’rida kelgan shodiyona

Navro’zni bayram qilish O’rta Sharq va Osiyoda qadimda tarkib topgan an’anadir. U insonning juda qadimdan shakllana boshlagan ma’lum udum, urf-odatlari, kundalik turmush ehtiyojlari, atrof-muhit, tabiat omillari bilan munosabatlari zaminida vujudga kelgan. Asirlar o’tishi bilan bu urf-odatlar mamlakatlar, xalqlar o’rtasidagi iqtisodiy va madaniy aloqalar rivojlanishi zamirida keng yoyila borgan, mazmunan boyigan hamda ma’lum o’lkalar doirasida tarqalib mustahkam an’anaga aylangan.

            Yozma manbalarda Navro’zning qadimiyligiga ishora etuvchi talay rivoyatlar mavjud. Ayrim ma’lumotlarga ko’ra, Navro’z qadimgi eronliklarda Ahamoniylar davridan (miloddan avvalgi 558-330 yillar) boshlab odat tusiga kirgan. Navro’z haqida eng to’la ma’lumotlar va aniq ilmiy xulosalar sharq yozma manbalarida - buyuk olim Abu Rayhon Beruniy (973-1048 yillar) ning “Qadimgi xalqlardan qolgan yodgorliklar”, “Qonuni Mas’udiy” va “At-tafhim” asarlarida, Umar Xayyomning (1054-1131) “Navro’znoma ” risolasida yozib qoldirilgan.

            Beruniy “Qadimgi xalqlardan qolgan yodgorliklar ” asarida Navro’z haqida shunday yozadi: “Eron olimlarining ba’zisi: “U kunni Navro’z deb atashning sababi shuki, Jamshid (Firdavsiy (taxm. 934-1025) “Shohnoma”sida keltirilishicha, qadimgi Eron podsholaridan biri, u o’z saltanati davrida anchagina progressiv tadbirlar joriy etganmish; jumladan davlat tuzgan, odamlarni tabaqalarga ajratgan, kiyim kiyishga o’rgatgan, deyiladi - avt.) podshoh bo’lgach, majusiylar dinini yangiladi va bu ish qilingan kun, “Navro’z ”-“yangi kun” deb ataldi”.

            Beruniy yozishicha, ushbu mavzuga oid, Jamshid saltanati bilan bog’liq yana bir rivoyatda shunday deyilgan: “Jamshid o’ziga arava yasab olgach, o’sha kuni aravaga chiqib oldi, jinlar va shaytonlar uni havoga ko’tarib, bir kunda Dunbovanddan (Damivand tog’i) Bobilga olib bordilar. Odamlar bu ajoyib voqeani ko’rgach, o’sha kuni hayit qildilar va Jamshidning aravada uchishiga taqlid qilib arg’imchoqlarda uchdilar”. Bu rivoyat mashhur shoir Abdulqosim Firdavsiyning “Shohnoma” dostonida ham nazm etilgan. Jamshid podsholik saltanatining ravnaqini ta’riflarkan, shoir quyidagi misralarni keltiradi:

                                               Ishlari gurillab, berganda meva,

                                               Yana ulug’likni ayladi sheva.

                                               Shukuhi Kayoniy bezagi gavhar.

                                               “Dev ko’tarib uchsin ”, deb bo’ldi farmon.

                                               Taxt ko’tarilganda past bo’ldi osmon.

                                               Taxt ko’kda charx urar misoli quyosh,

                                               Farmondor o’tirar unda irg’ab bosh.

                                               Barcha jam, odamlar qarar taxtiga,

                                               Jahon qoyil bo’lib shukuh baxtiga.

                                               Jamshidga sochishar oltinu gavhar,

                                               Shu kunni yangi yil - bayram deyishar.

                                               Yil boshi Hurmuzu edi farvardin

                                               Dilda na g’am qold, na adovat kin.

 

Biroq, eronliklarda bahor bayrami Jamshid podsholigidan ham ilgari nishonlanganligi ma’lum. Beruniy bu kun, garchi u Jamshiddan oldin ham hurmat qilingan bo’lsa-da, (Jamshid davridagina) hayitga aylantirildi, deydi. Firdavsiy o’z “Shohnoma”sida bahor kirishi kunida eronliklarning birinchi shohi Kayumars taxtga o’tirganini eslatib o’tadi:

 

                                               Hamal burjiga kirib qolganda oftob,

                                               Jahon yorib ketdi, nurlanardi ob…

                                               Kayumarsga jahon shohlik buyurdi,

                                               Ilk bor manzilini tog’ ichra qurdi.

 

Umar Xayyom ham “Navro’znoma” asarida Navro’z nishonlanishi haqidagi rivoyatlarni podshoh Jamshid davriga taqaydi va shoh Kayumars Hamal oyining birinchi kuni yil boshi hisoblansin, -deb farmon berganini ham eslatib o’tadi. Jumladan, shoh Jamshid haqida Umar Xayyom shunday deydi: “Jamshid shu kuni (farvardin oyining boshi) Navro’z atalsin, deb farmon berdi va odamlarga har yili farvardinning kirishini bayram qilishni, uni yangi yil deb hisoblashni buyurdi ”.

            Navro’z bobokalonlar shoirimiz Alisher Navoiy nazmidan ham o’rin olgan. Uning “Saddi Iskandariy” dostonida Navro’zning bayram qilinishi ta’kidlangan:

                                   Ki bu sur erur olam afruz ham,

                                   Xususan erur fasli Navro’z ham.

 

Umuman olganda rivoyatlardan ikki xil hulosa kelib chiqadi: birinchisi - Navro’z bilan bog’liq rivoyatlarning ko’pi podshoh Jamshidga mansub voqealardan iborat; ikkinchisi - bu rivoyatlardan Navro’zni belgilashda astronomik prinsipga amal qilingan.

Navro’z bayrami necha kun davom etgan? Bu haqda Beruniy “Qonuni Mas’udiy” va “At-tafxim ” nomli kitoblarida eronliklar yilidagi birinchi oy-Farvardinning dastlabgi kuni Hurmuz atalganini va u Podshoh Navro’zi, yani yangi yil ekanligini hamda shu oyning oltinchi kuni - Xurdodni katta Navro’z deb nishonlaganini qayt etadi. “Eronliklar e’tiqodicha, - deb yozadi Beruniy “qonuni Masudiy” asarida, -Jamshid g’ildirakli aravaga minib, shaytonlar bilan jang qilish uchun janub tomonga borgan… (va u yoqdan ) zafar topib katta Navro’zda qaytgan…”

Demak, qadimda Navro’z bir hafta, aniqrog’i olti kun bayram qilingan. Beruniyning “Qadimgi xalqlardan qolgan yodgorliklar” asarida bir haftalik Navro’z bayrami yanada mufassal ta’riflangan: “Podshoh (birinchi  kun) Navro’z bayramini ochib, odamlarga o’zining xalqni qabul qilish va ulardan ehson qilish maqsadida taxtga o’tirganini bildiradi; ikkinchi kuni martabasi juda yuqori kishilar - xonadon ahllarini qabul qilish uchun o’tiradi; uchinchi kuni otliq sipohlari va ulug’ donishmandlari uchun o’tiradi; to’rtinchi kuni esa o’z uyidagilar, o’z o’g’illari va qaramig’idagi kishilarni (qabul qilish) uchun o’tiradi”. Demak izoh tariqasida shuni aytish mumkinki, podshohlar Navro’z tantaasini o’zlari uchun qay tarzda tashkil qilishlaridan qat’iy nazar, xalq uni bir necha kun bayram qilgan.

Omonulla Bo'riyev.